АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

2018 йил 9 июнь куни Тошкент шаҳар прокуратураси, шаҳар ҳокимлиги ҳамда бандлик бош бошқармаси ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ишсиз фуқароларни, ёшларни ва касб-ҳунар коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш мақсадида Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети биносида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Ўтказилган меҳнат ярмаркасида Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Учтепа, Сергели, Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманларида фаолият юритаётган 200 га яқин корхона ва ташкилотлар 4900 тадан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этдилар.

Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳридаги тижорат банкларининг 15 дан зиёд филиаллари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқаролар учун тайёрланган бизнес режалари ҳамда имтиёзли кредит пакетлари билан қатнашдилар.

Корхона ва ташкилот вакиллари касб-ҳунар коллеж битирувчиларига бўш иш ўринлари, меҳнат шароитлари ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар бердилар.

Меҳнат ярмаркаси тадбирида жами 2.330 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этиб, 388 та мурожаатлар қайд этилди, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш мақсадида 126 та йўлланмалар берилди, улардан 17 нафари билан меҳнат шартномаси имзоланди.