«ЁШЛАР -КЕЛАЖАГИМИЗ» ДАСТУРИ ДОИРАСИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ТАДБИР

«ЁШЛАР -КЕЛАЖАГИМИЗ» ДАСТУРИ ДОИРАСИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ТАДБИР

2018 йил 9 июнь куни ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган болаларни ҳар тамонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Чилонзор туманида жойлашган «Афруз» тўйхонасида Тошкент шаҳар прокуратураси ва туман хокимлиги томонидан 22-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан 10 нафарининг суннат тўйи ташкил этилди.

Тадбирда 22-меҳрибонлик уйи раҳбарияти, 105 нафар тарбияланувчи, 15 нафар тарбиячи ҳамда «Ёшлар-келажагимиз» Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этдилар.

Тадбирда Чилонзор туман ҳокими Д.Хидоятов суннат тўйи билан болаларни табриклаб, уларга туман ҳокимлиги номидан вилосипедлар ҳадя қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Чилонзор туман Кенгаши томонидан суннат тўйи нишонланаётган болаларга махсус портфель ва ўқув қуроллари, кийим-кечак ҳамда юмшоқ ўйинчоқлардан иборат совғалар, туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан спорт кийимлари тақдим этилди.

Тадбир давомида ўзбек эстрада юлдузлари ва ёш хонандалар томонидан байрам дастури намойиш этилди. Болалар учун турли хилдаги интерфаол викторина ва ўйинлар ташкил этилди.