ҚИСҚА МУДДАТЛИ МАЛАКА ОШИРИШ ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

ҚИСҚА МУДДАТЛИ МАЛАКА ОШИРИШ ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

2018 йилнинг 11-15 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси томонидан «Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид ҳуқуқий ислоҳотларни ижросини таъминлашга доир долзарб масалалар» мавзусида вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилишга доир соҳавий фаолиятга раҳбарликни амалга оширувчи ўринбосарлари иштирокида қисқа муддатли малака ошириш ўқув машғулотлари ўтказилди.

Ўқув курснинг асосий мақсади – тингловчиларнинг билим ва кўникмаларини, шу жумладан, тизимли таҳлил ва танқидий фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш, тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳимоя қилиш борасидаги илғор хорижий ва миллий тажрибани етказиш.

Дастур доирасида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, адлия, молия, иқтисодиёт, ташқи ишлар вазирликлари, Давлат божхона ва Давлат солиқ қўмиталари, Инвестиция бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Републикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа-бошқарув миллий агенлиги, Марказий банк ва бошқа идоралар раҳбарлари ва етук мутахассислари маърузалари билан иштирок этди.

Хусусан¸ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Д.Қосимов, Адлия вазири Р.Давлетов ва бошқалар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини қўриқлашнинг долзарб муаммолари ва уларнинг ечимлари юзасидан тингловчиларга батафсил маълумот бердилар.

Бундан ташқари, тингловчиларга илғор хорижий тажрибани етказиш мақсадида ўқув машғулотларига хорижий экспертлар кенг жалб килинди. Жумладан, «Ernst&Young» халқаро консалтинг компанияси вакили И.Новиков «Давлат-хусусий шерикчилиги ўзаро ҳамкорликнинг самарали воситаси сифатида», «Next-reality solution» халқаро консалтанг компанияси раҳбари А.Войнов «Инвестицияларни ҳаракатлантириш воситалари: веб-сайтлар, ижтимоий тармоқ ва бошқалар» мавзусидаги маърузалари билан иштирок этдилар.

Шу билан бирга, йирик, ўрта ва кичик бизнес субъектлари вакиллари иштирокида «Прокуратура органлари фаолиятида тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳимоя қилиш ишларини самарали ташкил этишга доир масалалар: муаммо ва уларнинг ечими» мавзусида давра суҳбати ташкил этилиб, томонларнинг қизиқтирган масалалар бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, тингловчилар Тошкент шаҳридаги Яккасарой кичик саноат зонасида йўлга қўйилган инвестициявий фаолият билан танишиб, инвесторлар билан учрашдилар.

Академия томонидан ўтказилган мазкур ўқув машғулотлари, вилоят ва унга тенглаштирилган прокуратураларда тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳимоя қилишга доир фаолиятни йўлга қўйишдаги ижобий тажрибалар билан алмашишга имконият яратди.