ҲАМКОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

ҲАМКОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

2018 йилнинг 15 июнь куни Бош прокурор О.Муродов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Томас Гремингер билан учрашди.

Бош котибга Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, терроризм ва коррупцияга қарши курашиш, тадбиркорлик ва инвестицияларни ривожлантириш соҳаларида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Т.Гремингер Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида баён этган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлаб, жумладан, ЕҲХТ раҳнамолигида июнь ойида Тошкентда экстремизмга қарши курашишда ёшларнинг роли борасида ўтказилган халқаро анжуман аҳамиятини эътироф этди.

Т.Гремингер Ўзбекистонда шиддат билан кечаётган янгиланишлар жараёнига тўхталиб, бу ўз ўрнида бутун Марказий Осиё минтақасига ижобий таъсир этаётганлиги таъкидлади.

Бошқа барча соҳаларда янгиланишлар учун негиз сифатида ҳуқуқий ислоҳотлар ва қонун устуворлигини таъминлаш ниҳоятда муҳимлигини тасдиқлаган ҳолда, жаноб Т.Гремингер бу йўналишда Ўзбекистон саъи-ҳаракатларини келгусида ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Тарафлар ЕҲХТнинг ҳар уч йўналишини қамраб олувчи ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилдилар.

Ташкилотнинг мазкур соҳалар бўйича платформаси ва воситалари ҳамда тўпланган экспертлик салоҳияти Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар жараёнида қўлланилиши таъкидланди.