ЖИНОЯТЛАРНИ КВАЛИФИКАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ АЙРИМ МУАММОЛАРИ

ЖИНОЯТЛАРНИ КВАЛИФИКАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ АЙРИМ МУАММОЛАРИ

2018 йилнинг 14 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси томонидан “Жиноятларни квалификация қилишнинг айрим муаммолари” мавзусида идоралараро давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Бош прокуратура марказий маҳкамаси, ҳудудий прокуратуралар, суд, ички ишлар, божхона ва солиқ органлари ҳамда Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази ходимлари, Бош прокуратура Академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати давомида айрим жиноятларни квалификация қилиш масалалари, хусусан, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни ноқонуний эгаллаш, тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ, талон-торож билан боғлиқ жиноятлар, иштирокчиликда содир этилган жиноятларни квалификация қилишнинг муаммолари, жиноят мотиви ва мақсадининг қилмишни квалификация қилишдаги аҳамияти ёритилди.

Тадбирда жиноятларни квалификация қилишда ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги айрим хато ва камчиликларни олдини олишга доир таклифлар, шунингдек жиноят қонунчилигини такомиллаштириш истиқболлари, ягона суд амалиётини шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқдилар, билдирилган таклифлар бўйича ўзаро фикр алмашдилар.