ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШГА ВА ТЕРРОРИЗМНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА ҚАРШИ КУРАШИШ ЮЗАСИДАН СЕМИНАР

ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШГА ВА ТЕРРОРИЗМНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА ҚАРШИ КУРАШИШ ЮЗАСИДАН СЕМИНАР

Жорий йилнинг 21 июнь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармаси томонидан Департамент биносида лизинг компаниялари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга (ЖФОДЛ/ТМҚК) ҳамда миллий хавфлар баҳолашни ўтказиш процедураларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар мақсади – жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишда молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ (ФАТФ) нинг янги тавсиялари талабларидан келиб чиқиб, лизинг компанияларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига амал қилинишини назорат қилувчи масъул ходимларнинг малакасини оширишдан иборат.

Семинарда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон лизинг берувчилар ассоциациясига аъзо бўлмаган лизинг компаниялари вакиллари иштирок этдилар.

Семинар иштирокчиларига ФАТФнинг ЖФОДЛ/ТМҚК соҳасидаги янги талаблари ҳамда лизинг соҳасидаги хавфларни аниқлашга йўналтирилган фаолият моҳияти юзасидан маълумот берилди.

Семинар якунида иштирокчиларга уларни қизиқтирган саволлар юзасидан тушунтиришлар берилди, шунингдек, ички назорат қоидаларига риоя қилиниши учун масъул шахсларнинг билимларини ошириш лозимлиги ҳамда махсус ваколатли орган – Департамент билан ҳамкорлик ва ахборот алмашинувини ривожлантириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.