БОШ ПРОКУРОР ҲИСОБОТИ ЭШИТИЛДИ

БОШ ПРОКУРОР ҲИСОБОТИ ЭШИТИЛДИ

Жорий йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги Ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2017 йилда прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Бош прокурор О.Муродов Олий Мажлис Сенати аъзоларига 2017 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, ҳозирги вақтда фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда келгусидаги вазифалар ҳақида батафсил ахборот берди.

Таъкидланганидек, ўтган йилда прокуратура органлари томонидан устувор аҳамият Ўзбекистон Республикаси Президентининг бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни татбиқ этишга қаратилган.

Бош прокурор мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад фуқароларимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, оддий одамларнинг дарду-ташвишларини енгиллаштириш, қисқа қилиб айтганда, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаб беришдан иборат эканлигини қайд этди.

Бу борада кўзланган ислоҳот ва ўзгаришларни амалга оширишда прокуратура органларига қатор долзарб вазифалар юклатилган.

Мазкур вазифаларни сўзсиз бажариш мақсадида ўтган йилда прокуратура фаолиятини такомиллаштириш, турли соҳаларда мавжуд муаммо ва тизимли камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш орқали бартараф этишга қаратилган қатор ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилган.

Хусусан, Бош прокуратура тузилмасида қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил этилган, туман (шаҳар) прокуратураларида прокурор ўринбосари ва ёрдамчиси қўшимча лавозимлари жорий этилган, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази тузилган.

Кўрилган чоралар, шу жумладан давлат идоралари ҳуқуқий ҳужжатларини ўрганиш натижасида 2017 йилда 118.200 та прокурор назорат ҳужжатлари қўлланилган, 18.527 та ҳуқуқий ҳужжатлар қонунга мувофиқлаштирилган, қонунбузилишлар сабабларини бартараф этиш юзасидан 22.800 та тақдимномалар юборилган, судларга 223,4 млрд. сўм моддий зарарни ундириш ҳақида 25.012 та аризалар киритилган, 68.764 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган.

Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга ошириш, вояга етмаганларнинг ҳимояси ва маънавий-аҳлоқий тарбиясини кучайтириш ва бошқа соҳаларга оид қонунлар ижроси устидан тизимли равишда назорат олиб борилган.

Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида идоралараро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, Бош прокурор томонидан прокурор назорати самарадорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар жорий йилда ҳам фаол равишда олиб борилаётганлиги қайд этилди. Бош прокуратура ҳузурида Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси тузилганлиги, Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти этиб, Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари Бош прокуратура Академияси этиб қайта ташкил этилганлиги таъкидланди.

Ҳисоботни муҳокама қилиш давомида сенаторлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

Ҳисоботни эшитиш якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Бош прокуратура