ДАВЛАТ КОМПАНИЯЛАРИ РАҲБАРЛАРИ УЧУН СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

Бош прокуратура Академиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда «Корпоратив секторда коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга ошириш» мавзусида давлат компаниялари раҳбарлари учун семинар ўтказилди.

Семинарнинг мақсади – давлат компаниялари раҳбарларини коррупциянинг олдини олиш тизими тузилиши бўйича етакчи жаҳон амалиёти, компанияларда коррупциянинг олдини олишнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, корпоратив секторда коррупцияга қарши самарали тизимни қуришнинг муҳим принциплари билан таништиришдан иборат.

Тадбирда «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз» «Ўзбекистон темир йўллари» «Ўзбектелеком», «Ўзметкомбинат», «Ўзбеккўмир», «Ўзкимёсаноат» акционерлик жамиятлари, «Ўзбекистон миллий банки», «Халқ банки» тижорат банклари, «Beeline», «Ucell» мобил алоқа операторлари, «Nestle» қўшма корхонаси ва бошқа йирик корхоналарнинг раҳбарлари, шунингдек, коррупцияга қарши чора-тадбирларни амалга оширишга масъул бўлган прокуратура органлари ходимлари ва Академия тингловчилари иштирок этди.

Дастур доирасида KPMG халқаро аудит-консалтинг компанияси экспертлари Игорь Лебедев, Фаррух Абдуллаханов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги вакиллари маърузалар билан қатнашдилар.

Маърузалар давомида корпоратив секторда коррупцияга қарши тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга қарши курашишнинг принциплари, коррупциянинг олдини олишнинг ҳозирги трендлари ва бошқа масалалар ҳақидаги тақдимотлар намойиш этилди.

Барча маъруза ва тақдимотлар интерфаол шаклда ўтказилиб, муҳокамалар билан давом эттирилди.