ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИГИ

ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИГИ

Ўзбекистон Республкиаси Президентининг “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5446-сонли Фармони билан ҳалқаро ҳамкорликни таъминлаш борасида юклатилган вазифалар ижроси юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти бошлиғи А.Мавлонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 24-29 июнь кунлари Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишда молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ (ФАТФ) нинг навбатдаги ялпи мажлиси ва ишчи гуруҳларнинг йиғилишларида иштирок этди.

Мазкур халқаро тадбирларда, 200 дан ортиқ давлат ва юрисдикциялардан (АҚШ, Германия, Россия, Япония, Франция, Буюк Британия, Италия, Канада, Хитой, Испания, Бразилия, Ҳиндистон ва бошқалар) ташриф буюрган 800га яқин иштирокчилар ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар (БМТ, ЕХҲТ, «Эгмонт» гуруҳи, Жаҳон банки, МЕНАФАТФ, МАНИВЭЛ, ЕАГ ва бошқалар) вакиллари қатнашдилар.

ФАТФнинг мазкур Ялпи мажлисида қуйидаги асосий масалалар муҳокама этилди:

– ташкилотнинг терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги иш режаси муҳокамаси (шу жумладан ИШИД, Ал-Қоида ва бу соҳадаги янги таҳдидларга қарши курашиш);

– ФАТФ томонидан мониторинг олиб борилаётган давлатлардаги вазиятлар муҳокамаси (ФАТФ “Санкциялар рўйхати”даги давлатлар: Эрон, Ироқ, Сурия, Шимолий Корея, Яман, Сербия, Тунис ва Шри-Ланка);

– одам савдосидан тушган маблағлар молиявий оқими ва бенифициар (ҳақиқий) мулкдорни яшириш мавзулари бўйича ўтказилган тадқиқотларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

– ФАТФ фаолиятининг ташкилий масалалари (ҳуқуқий мақоми, ташкилотнинг иш режаси,бюджети) ва бошқалар.

Ялпи мажлисда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси делегацияси томонидан қатор хорижий давлатлар делегациялари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича иккитомонлама учрашувлар ўтказилди.