ФРАНЦИЯГА ИШЧИ САФАР АМАЛГА ОШИРИЛДИ

ФРАНЦИЯГА ИШЧИ САФАР АМАЛГА ОШИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғи бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Франциянинг Миллий магистратлар мактаби таклифига биноан Париж шаҳрига (Франция) ишчи сафар билан ташриф буюрди.

Франциянинг Миллий магистратлар мактаби (ENM) раҳбарияти ва ўқитувчилари билан ўтказилган учрашув давомида иккитарафлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, муассасалар ўртасидаги фаол ҳамкорлик натижалари муҳокама қилинди, шу жумладан 2017 йилдаги ENM фаолияти билан танишув, Бош прокуратура Академиясига ENM етакчи ўқитувчилари ва мутахассисларининг ташрифлари, шунингдек, уларнинг Академия фаолиятини такомиллаштириш ва унинг салоҳиятини мустаҳкамлашдаги ҳиссалари қайд этилди.

Учрашув натижаларига кўра, Франциянинг Миллий магистратлар мактаби билан ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланиб, унда бошланғич тайёргарликни ташкил этиш ҳамда бутун иш фаолияти давомида прокуратура органлари ходимларининг касбий ривожланиш дастурлари соҳасида доимий тажриба алмашинуви назарда тутилган, ҳуқуқий ҳужжатлар, илмий нашрлар ва ўқув дастурларининг ўзаро алмашинуви, ҳамкорликда тадбирлар ўтказилиши хусусида келишувга эришилди.

Томонлар академик фаолликни таъминлаш доирасида маърузачилар, ўқитувчилар ва амалиётчи ходимлар билан алмашиниб туришга келишдилар.

Шунингдек, учрашув давомида ўзбек делегацияси Франция Адлия вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JCI), Франция Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (AFA) раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олдилар.