ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОР ВА ТОПШИРИҚЛАРИ ИЖРОСИ ЮЗАСИДАН ПРОКУРОР НАЗОРАТИ

Муқаддам хабар берилганидек, Бош прокуратура таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилиб, бошқарма томонидан Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси устидан тизимли назорат амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2018 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ижроси ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганилиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этган 60 та қарор ва топшириқлар ижроси бажарилиши таъминланди.

Мазкур текширишлар давомида асосий эътибор Президентнинг қарор ва топшириқларини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилишига ҳамда мансабдор шахслар томонидан Президентнинг топшириқлари талабларини сўзсиз бажарилиши борасидаги масъулиятини янада кучайтиришга қаратилди.

Текширишлар натижасига кўра, 139 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди ҳамда қўпол қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 4 та жиноят ишлари қўзғатилди.

Шу билан бирга, 125 та тадбиркорлик субъектларига 99,6 млрд. сўм ва 280,4 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 858 гектар ер майдони ҳамда 111 та қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари ажратилиши, 26 млрд. сўм, 1,9 млн. АҚШ доллари ва 2,5 млн. евро миқдордаги кредит маблағларининг қайтариш муддатини узайтиришга амалий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирларини амалга ошириш учун 55,2 млрд. сўм миқдоридаги пул маблағлари ажратилиши таъминланди.

Президент қарорларини сўзсиз ижросини таъминлаш борасидаги назорат фаолияти давом этмоқда.