ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРГА НИСБАТАН НОМАҚБУЛ МУНОСАБАТДА БЎЛИШГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРГА НИСБАТАН НОМАҚБУЛ МУНОСАБАТДА БЎЛИШГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

2018 йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига фуқаро М.М. мурожаат қилиб, ўз аризасида Самарқанднинг 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таълим олаётган унинг фарзанди Э.М. ва бошқа тарбияланувчилар интернатнинг мансабдор ва масъул шахслари томонидан қийнаб, уларга тан жароҳатлари етказилганлиги ҳақида хабар берди.

Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олиниб, шахсан Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган терговга қадар текширув давомида аниқланишича, мактаб-интернати директори Ш.Садинов ва бошқалар мансаб ваколати доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиб, мактаб-интернатининг ўқувчилари, вояга етмаган Х. (2001 й.т.), М. (2006 й.т.) ва Ў. (2003 й.т.) ларни мактаб тартиб-қоидаларига риоя қилмаётганликларини рўкач қилган ҳолда таълим-тарбия жараёнида уларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказган.

Самарқанд вилоят суд-тиббиёт экспертизаси бюросининг 23.07.2018 йилдаги хулосаларига кўра, М.М.нинг фарзанди Э.нинг танасида қатор жароҳатлар мавжудлиги, улар «Енгил тан жароҳатлари» гуруҳига кириши аниқланган. Жиноят иши доирасида 89 нафар мактаб-интернати тарбияланувчиларига нисбатан вилоят суд-тиббиёт экспертизаси бюроси экспертлари томонидан гувоҳлантириш ҳаракатлари ўтказилди, тарбияланувчиларнинг амбулатор карталари баённомалар асосида олиниб, ўрганилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан 23.07.2018 йилда Самарқанд шаҳар прокурори томонидан 64-сонли мактаб-интернати директори Ш.Садинов ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди, 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мактаб-интернати директори Ш.Садинов ушланган, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда.