ФАОЛИЯТ НАТИЖАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНИБ, АНИҚ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Жорий йилнинг 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳайъатининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси масъул ходимлари, вилоят, туман-шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар раҳбарлари, Департамент, Бюро ва Инспекциянинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари иштирок этди.

Ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2018 йил 1-ярмидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари ижроси устидан назоратни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, қонунчилик ижроси устидан назорат, шунингдек барча ислоҳотлар, шу жумладан давлат дастурлари ижросини ташкил этиш борасидаги тадбирлар натижасида 11 512 та ноқонуний ҳужжатлар қонунга мувофиқлаштирилган, 63 142 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида жами 250,7 млрд. сўм зарар ундирилган.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт ҳажмини кенгайтиришга қаратилган қонунлар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 12 595 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 2 052 нафарининг фаолияти тикланган.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш, уларни диний экстремизм ғояларидан асраш мақсадида 5 779 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш мақсадида идоралараро ҳамкорлик кучайтирилиб, тезкор-қидирув, суриштирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда профилактик тадбирларнинг сифатини ошириш чоралари кўрилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида ўтган 6 ойда умумий жиноятчилик 38,7 фоизга камайишига эришилган.

Жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, 3 145 та суд қарорлари прокурорлар протестига асосан бекор қилинган ва қонунга мувофиқлаштирилган.

Аниқланган тизимли қонунбузилишларни амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни шакллантириш орқали бартараф этишга қаратилган фаолият кучайтирилиб, Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган 29 та қонун ҳужжатлари лойиҳалари белгиланган тартибда қабул қилинган.

Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида истеъмолчиларга етказиб берилган энергия ресурслари ва ичимлик суви учун 14,2 трлн. сўм, ижро ҳужжатлари бўйича 8,7 трлн. сўм маблағлар ундирилиши таъминланган.

Шу билан бирга, ҳайъат йиғилишида 2018 йил 1-ярмида прокуратура, Департамент, Бюро ва Инспекция органлари фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар кескин танқид қилиниб, тегишли прокурорлар, Департамент, Бюро, Инспекция раҳбар ходимларининг тушунтиришлари эшитилди.

Прокуратура органлари зиммасига юклатилган барча вазифаларни сўзсиз ижро этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, топшириқ ва кўрсатмаларининг қатъий бажарилиши устидан назоратни янада кучайтириш топширилди.

Хусусан, ўта долзарб ҳисобланган фармацевтика тармоғини ривожлантириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, бюджетга тушумларни кўпайтириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва “Yoshlar-kelajagimiz” давлат Дастурларини амалга оширишда йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил қилиниб, бу борада назорат самарадорлигини ошириш кўрсатиб ўтилди.

Прокурор назорати тадбирларида қонунбузарликларнинг асл сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона амалиётни шакллантириш, шу жумладан, қонунчиликни такомиллаштириш, прокурор назорати амалиёти сифати ва таъсирчанлигини оширишнинг барча зарур чораларини кўриш топширилди.

Ҳайъат мажлисида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.