АҚШ ФЕДЕРАЛ ТЕРГОВ БЮРОСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ТАШРИФИ ТЎҒРИСИДА

АҚШ ФЕДЕРАЛ ТЕРГОВ БЮРОСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ТАШРИФИ ТЎҒРИСИДА

 

АҚШ Федерал Тергов Бюроси директори ўринбосари Дэвид Боудич бошчилигидаги АҚШ делегацияси Ўзбекистонга ташрифи доирасида жорий йилнинг 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов томонидан қабул қилинди. Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси П.Спратлен ҳам иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари ўзаро ҳамкорликнинг изчил ривожланиб бораётганини таъкидладилар. Ҳамкорликнинг илк босқичи сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва АҚШ Федерал Тергов Бюроси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганлиги (2017 йил 4 декабр) қайд этилди. АҚШ Федерал Тергов Бюроси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун навбатдаги босқич бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Америкалик хамкорларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита бошчилигида амалга оширилаётган жамият ва давлатнинг барча соҳаларини қамраб олган ислоҳотлар ҳақида, шу жумладан прокуратура органларининг ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишидаги роли, шунингдек прокуратуранинг янги вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, делегация аъзолари Бош прокуратура академияси ва ахборот-таҳлил мультимедиа маркази фаолияти билан ҳам танишдилар.

Томонлар терроризм, экстремизм, сепаратизм, гиёҳванд воситалар айланмаси, одам савдоси ва бошқа трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, шунингдек, жиноят ишларини тергов қилишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартибини соддалаштириш, прокуратура органлари ходимларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда бўлиб ўтди. Томонлар ўзаро фикр алмашиб, келгусида конструктив ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдирдилар.