Бош прокуратура Академияси

1Академия ҳақида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИ АКАДЕМИЯСИ

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш билан бир қаторда прокуратура органлари ходимлари малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йилнинг 24 январида “Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ҳузурида қонунчиликни мустаҳкамлаш муаммолари ва прокурор-тергов ходимларининг малакасини ошириш Марказини ташкил этиш ҳакида”ги 33-сон Қарори қабул қилинди ва ушбу қарорга кўра “Қонунчиликни мустаҳкамлаш муаммолари ва прокурор-тергов ходимлари малакасини ошириш Маркази” ташкил этилди. Ушбу марказ, нафақат, малака ошириш балки илмий фаолият олиб бориши ҳам белгиланди ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 20.12.1994 йилдаги 869-сон буйруғига асосан Қонунчиликни мустаҳкамлаш муаммолари ва прокурор-тергов ходимларининг малакасини ошириш Марказининг Илмий кенгаши тузилган.

Ўтган йиллар давомида республикамизда амалга оширилган ислоҳотлар ушбу марказ фаолиятини такомиллаштиришни тақозо этди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йилнинг 7 ноябридаги ПҚ-727-сон Қарорига кўра, ушбу марказ негизида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари ташкил этилди.

Мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг янги устувор йўналишлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш вазифалари прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тизимини янада такомиллааштириш заруриятини даврнинг ўзи тақозо этди.

Ўтган давр мобайнида ҳуқуқни қўллаш ҳолатини комплекс таҳлил қилиш, қонунбузилишлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан прокуратура органлари ходимларини зарур билим ва кўникмаларга ўргатиш борасида муайян таълим ва илмий салоҳият шакллантирилди.

Шу билан бирга, прокуратура органлари фаолиятининг мутлақо янги йўналишлари белгиланганлиги, уларнинг амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлардаги ўрни кучайтирилганлиги юклатилган вазифаларни самарали бажара оладиган муносиб кадрлар таркибини шакллантиришни талаб этди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 8 майдаги ПФ–5438-сон Фармони қабул қилинди. Фармонга асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси этиб қайта ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг таълим ва илмий тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Академия ўз ваколатлари доирасида фаолиятини Бош прокуратуранинг таркибий тармоқлари, қуйи прокуратуралар, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси ва Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, таълим ва илмий муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширади.

Академия:

– прокуратура органлари ходимларини, шу жумладан, ишдан ажралмаган ҳолда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни;

– «магистр» даражаси берган ва давлат намунасидаги диплом топширган ҳолда бюджет ва тўлов-контракт асосида кадрларни тайёрлашни;

– прокуратура органларида лавозимларни эгаллаш учун номзодларни бирламчи ихтисослашув шаклида касбий қайта тайёрлашни;

– прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларига захирада турган кадрларни касбий қайта тайёрлашни;

– қисқа муддатли дастурлар асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг малакасини оширишни;

– қонунчиликка мувофиқ олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни;

– миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда ўқув, услубий, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий фаолиятнинг барча турларини;

– профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва тингловчиларни давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари, шунингдек, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига, шу жумладан, хорижий давлатларга стажировкага юборишни;

– ноширлик фаолиятини амалга оширади.

Академияда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурлари белгиланган тартибда бюджет ва тўлов-контракти асосида амалга оширилади.

Академиянинг асосий мақсади прокуратура органлари ходимлари ва бошқа кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини ташкил этиш ҳамда фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришдан иборат.

Манзил: Тошкент шаҳар, Тараққиёт кўчаси, 59.